Қорақалпоғистонни 2020—2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 ноябрь, сешанба куни Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Қорақалпоғистонни 2020—2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастурида белгиланган чора-тадбирлар ижросини тизимли ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, ҳудуднинг ҳар бир шаҳар ва туманини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш мақсадида янги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш учун 37 мингта хонадон ва тадбиркорлик субъекти ўрганилиб, долзарб масалалар аниқланган.
Ушбу таҳлиллар асосида Қорақалпоғистонни 2020—2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Дастурга мувофиқ, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида янги тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари берилмоқда. Бундан ташқари, ривожланишдан ортда қолаётган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари ҳамда 45 та шароити оғир маҳалла ва овулда саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида янги ташкил этилган корхоналар ҳам имтиёзларга эга бўлмоқда.
Видеоселектор йиғилишида мазкур дастурда белгиланган чора-тадбирлар ижросини тизимли ташкил этиш масалалари кўриб чиқилган. Хусусан, 17 та туман ва шаҳарнинг ўзига хос «ўсиш нуқта»ларидан келиб чиқиб, 2020—2022 йилларда умумий қиймати 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1359 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Ҳамда 523 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, қарийб 20 мингта янги иш ўринлари яратиш мўлжалланган.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Нукусда йилига 200 тонна балиқ етиштириш қувватига эга корхона билан танишди
Қайд этилишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига «хом ашёдан тайёр маҳсулотгача» тизимида ишловчи 27 та саноат кластерини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилган. Дастурда қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган. Пахта етиштириш бекор қилинаётган 12 минг гектар майдонда экспортбоп сабзавот экинларини жойлаштириш, фойдаланишдан чиққан 36 минг гектар ерни қайта ўзлаштириш, «Қорақалпоқ-агро» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш шулар жумласидандир. Кунжут етиштириш ва наслли қорамоллар сонини кўпайтириш, Хўжайли туманини чорвачилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш кўзда тутилган.
Аввалроқ Президент Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси сессиясида иштирок этиш учун Нукусга жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Кейинчалик Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида очилган Опера ва бахшичилик мактабини бориб кўрди.