Шавкат Мирзиёев Нукусда йилига 200 тонна балиқ етиштириш қувватига эга корхона билан танишди

Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни Нукус шаҳридаги «Қорақалпоқ балиқ саноат» масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, корхона йилига 200 тонна балиқ ва 5 миллион дона балиқ личинкалари етиштириш, 5 минг тонна озуқа ем тайёрлаш қувватига эга. Корхона 2020 йил июль ойида фаолият бошлаган, 35 та иш ўрни яратилган.

«Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, корхонада ёпиқ сиғимда интенсив усулда балиқ етиштирилади. Яъни сувдан такроран фойдаланиш эвазига катта ҳажмда сув тежалади. Масалан, 200 тонна балиқ етиштириш учун оддий шароитда 1,5 миллион метр куб сув сарфланса, бу ерда 250 метр куб етарли. Бу Қорақалпоғистон учун жуда муҳим», дейилади хабарда.

Корхонада, шунингдек, қайта ишлаш қуввати ва музлатгич ташкил этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, шу ерда қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги лойиҳалар тақдимот қилинди. Шавкат Мирзиёев чорвачиликда оилавий кооперцияларни йўлга қўйиб, паррандани кўпайтириб, гўшт нархини арзонлаштириш чораларини кўриш муҳимлигини таъкидлади. Ҳудудда ер ва сувнинг аниқ ҳисобини юритиш, бунга ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Аввалроқ Президент Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси сессиясида иштирок этиш учун Нукусга жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Кейинчалик Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида очилган Опера ва бахшичилик мактабини бориб кўрди.

Янгиликлар