Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчага кўпайгани маълум қилинди

Молия вазирлиги Ўзбекистон давлат ташқи қарзи йил бошига нисбатан қанчага кўпайгани ҳақида маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи 1 октябрь ҳолати ҳисоб-китобларга кўра 20,8 миллиард доллар эквивалентини ёки ЯИМга нисбатан 36,8 фоизни ташкил этган. Шу жумладан давлат ташқи қарзи 2,8 миллиард долларга ёки йил бошига нисбатан 18 фоизга ошиб, 1 октябрь ҳолатига 18,5 миллиард долларга ёки ЯИМга нисбатан 32,8 фоизга етган.

«Давлат ички қарзи эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 23,6 трлн сўмни (2,3 млрд доллар) ёки ЯИМга нисбатан 4 фоизни ташкил этди», дейилади вазирлик ҳисоботида.

Қайд этилишича, давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон давлат қарзи (ЯИМга нисбатан — 36,8 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан — 32,8 фоиз) мўтадил даражада сақланиб қолмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг 1-ярим йилликдаги ташқи қарзи миқдори маълум бўлганди. Унга кўра, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигига, яъни 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 27,6 миллиард долларни ташкил этган.

Янгиликлар