Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиақатновлар йўлга қўйилади (видео)

Шавкат Мирзиёев 8 август куни «2020—2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Унга кўра, Сўх туманини комплекс ривожлантириш бўйича бир қанча вазифалар берилди. Бу ҳақда ЎзА  хабар берди.

Белгиланган ана шу чора-тадбирлар орасида Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиақатновларни йўлга қўйиш вазифаси ҳам бор. Яъни эндиликда сўхликлар Фарғона шаҳрига сиғими 10 тадан 30 тагача бўлган турли самолёт ва вертолётларда келиб-кетади.

«‘Humo Air’ компаниясининг 12 та йўловчига мўлжалланган Aн-2 самолёти ва ‘Ўзбекистон ҳаво йўллари’нинг 16—20 кишига мўлжалланган Ми-8 ‘Uzbekistan Helicopters’ вертолётида Фарғона шаҳридан Сўх туманига 35—40 дақиқада етиб олса бўлади. Чипталар нархи ҳозирда Траспорт вазирлиги билан муҳокама қилинмоқда. Агар аҳолига қимматлик қилса, субсидия қилинади», — дейди Фарғона халқаро аеропорти бўлим бошлиғи Қобилжон Aбдуназаров.

Маълум бўлишича, ҳозирда Фарғона шаҳридаги халқаро аэропорт янги рейсларни амалга оширишга тайёр, аммо Сўхда авиамайдон тайёр бўлгач, парвозлар бошланади.

Аввалроқ Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортлари «пакет принципи» асосида шерикликка берилиши маълум қилинган эди.

Янгиликлар