Наманган шаҳар прокурори аҳолига мурожаат билан чиқди

Наманган прокурори шаҳар аҳлига мурожаат билан чиқди.

Таъкидланишича, 10 августдан умумий овқатланиш объектлари, истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, барча турдаги ихтисослаштирилган бозорлар, спорт заллари, тренажёр, фитнес клублар, давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, нодавлат таълим марказлари, тўгараклар, сартарошхона ва гўзаллик салонларининг фаолияти босқичма-босқич қайта йўлга қўйилди.

«Шу билан бирга, ҳурматли тадбиркорлар ва корхона раҳбарларидан ўз фаолиятларини олиб боришда санитария қоидаларига қатъий риоя этиш, коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун зарурий бўлган барча профилактик чораларни кўриш, фаолият кўрсатаётган объектда хизмат қилувчи ходимларнинг соғлиғига эътиборли бўлиш талаб этилади», — дейди вилоят прокурори.

Унинг айтишича, мазкур талабларнинг бажарилишига корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади. Ушбу талабларга риоя қилмаслик ҳолатларининг ҳар бири юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қатъий жавобгарликка тортиш ҳамда санитария-эпидемиология органлари томонидан корхона, ташкилот ва муассасалар фаолиятини ёпишдан иборат чоралар қўлланилади.

Жумладан, эпидемияга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача, мансабдор шахсларга нисбатан 50 бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 257-1-моддасида санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача жарима, ушбу ҳолат одам ўлимига сабаб бўлса, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Прокурор тадбиркорлардан фаолиятини санитария-гигена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда олиб боришини ва бу борадаги масъулиятни янада оширишни сўради.

Аввалроқ Наманганда 11 августдан бошлаб 30 кишилик тўйлар ва боғчалар фаолиятига рухсат берилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар