Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирига янги ўринбосар тайинланди

Каримов Авазжон Қудратиллаевич Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилган. Унда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдурахмонов, вазирлик ҳамда спорт федерация ва ассоциациялари раҳбарияти, спорт таълим муассасалари вакиллари иштирок этган.

Йиғилишда Ўзбекистон Президентининг махсус қарори билан Каримов Авазжон Қудратиллаевич жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

Аваз Қудратиллаевич Каримов 1983 йил 19 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2006 йилда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раисининг ўринбосари сифатида бошлаган. 2007—2011 йилларда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси Тошкент шаҳар бўлими раиси, 2011 йилдан Ўзбекистон бадминтон федерацияси раисининг ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган.

Аваз Каримов 2014—2015 йилларда Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби директори ўринбосари, сўнгра от спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби директори, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитаси Ишлар бошқармаси бошлиғи, 2017—2019 йилларда Чирчиқ олимпия захиралари мактаб-интернати директори, 2019 йил 6 сентябрдан ҳозирга қадар республика олимпия захиралари коллежи директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Наманган вилоятиниинг аввалги раҳбари Хайрулла Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Янгиликлар