Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади
Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, давлат раҳбари Тожикистон етакчисини 11 октябрь куни бўлиб ўтган президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, унга тожик халқи фаровонлиги ва равнақи йўлидаги фаолиятида муваффақият тилаган.
Суҳбат давомида Ўзбекистон—Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, ҳукуматлараро комиссия қарорларини бажариш ҳамда бўлажак олий даражадаги учрашувлар учун янги кун тартибини ишлаб чиқиш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Президентлар Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг Қирғизистондаги вазият юзасидан қўшма баёноти қабул қилинганини мамнуният билан қайд этган.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамда Қозоғистон давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев билан минтақадаги вазиятни муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди.