Ўзбекистонда ногиронлиги борларни ишга олган ташкилотларга субсидия тўланади

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга ҳар бир ходим учун 6 ойгача базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида ойлик субсидия берилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашишни рағбатлантиришга оид чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Маълум бўлишича, субсидиялар бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга берилмайди.

11 январь куни муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳасида бундай субсидияларни бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Субсидиялар Президент қарорига мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб амал қилиши қайд этилган. Тўловлар туман (шаҳар)лар кесимида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан низомда келтирилган иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Субсидия бериш тартиби ва шартлари қуйидагича бўлиши назарда тутилган:

иш берувчилар ногиронлиги бўлган шахсни ишга олгандан кейин субсидия олиш учун тегишли маҳаллий меҳнат органига ёзма равишда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади. Мурожаатда ишга қабул қилинган ногиронлиги бўлган шахснинг исм-шарифи, ногиронлик гуруҳи, иш берувчининг субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисоб рақами кўрсатилиши, шунингдек, мурожаатга ногиронлиги бўлган шахснинг ишга қабул қилганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади.

Маҳаллий меҳнат органи тақдим этилган ҳужжатларни уч иш куни ичида ўрганиб чиқади. Бунда ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси «Ягона миллий меҳнат тизими»да рўйхатдан ўтказилганлиги ва ишчи «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизимида рўйхатда турганлиги асос ҳисобланади.

Талаблар бажарилгани тасдиқланса, уч кун муддатда субсиядия берилиши бўйича буйруқ расмийлаштирилади. Буйруқда субсидия суммаси ва уни ажратиш муддати кўрсатилиши лозим.

Талаблар бажарилмаса, субсидия ажратиш рад этилади ва мурожаатчига рад этишнинг сабаблари асослантирилган хабарнома юборилади.

Иш берувчи субсидия ажратиш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарнома келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида юқори турувчи органга ёки суд органларига шикоят қилиши мумкин.

Субсидия ажратиш тўғрисидаги буйруққа асосан иш берувчига ҳар бир ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилганлиги учун 6 ой давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида ойлик субсидия берилади.