Террор гуруҳнинг ўзбекистонлик тарафдори Россияда қўлга олинди

Россияда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик гуруҳи тарафдори бўлган ўзбекистонлик эркак ушланди.

Маълум бўлишича, 1987 йил Сурхондарё вилоятида туғилган Ж.Х. 2016–2021 йилларда меҳнат мигранти сифатида Россиянинг Краснодар ўлкасида ишлаши даврида ижтимоий тармоқлар орқали Сурия ҳудудидаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик гуруҳи аъзолари билан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирига тушиб қолган.

Оқибатда Ж.Х. экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг жиҳодга чорловчи материалларини ўзининг яқин танишлари орасида тарғиб қила бошлаган. Шунингдек, у жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурияга кетмоқчи бўлган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинган.

Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.