Сирдарёда Сибир ярасига чалиниш билан боғлиқ ҳолат аниқланди

Сирдарё вилояти Сардоба туманида Сибир ярасига чалиниш билан боғлиқ ҳолат аниқланди.

Маълум қилинишича, Халқаро касалликлар классификацияси (МКВ-10) бўйича А-22 касаллиги (Куйдирги ёки Сибир яраси) билан Сардоба туман Зомин МФЙ Ховотоғ аҳоли яшаш пунктида яшовчи фуқаро Б.А.да аниқланган.

«Ўз ўрнида ушбу касаллик одамдан одамга юқмаслиги билан ажралиб туради. Касаллик фақат йирик ва майда шохли қорамолларни сўйиш жараёнида ҳамда хом гўшт билан мулоқот жараёнида одамга юқади», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирда Сардоба туман Зомин МФЙ ҳудудидаги барча йирик ва майда шохли моллар касалликка қарши ветеринария ходимлари томонидан эмланган. Юқоридаги касалликда карантин фақатгина йирик ва майда шохли қора молларга тадбиқ қилинади. Ҳозирда эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирга ўрин йўқ.

Маълумот ўрнида, куйдирги ўткир кечувчи ўта хавфли инфекцион касаллик бўлиб, септицемия, оғир заҳарланиш ва карбункулалар ҳосил қилиш билан кечади. Барча турдаги қишлоқ хўжалик, уй, ёввойи ҳайвонлар куйдирги билан касалланади ҳамда у одамларга, асосан, ҳайвонлар орқали осон юқади.

Касаллик қўзғатувчисининг ташқи муҳитда 100 йилгача сақланиб туриши инобатга олинган ҳолда хасталикнинг эски ўчоғи хавфсизлик бўйича давлат ветеринария хизмати томонидан назоратга олинади.

Янгиликлар