Фарғонада 7 ой давомида 25 та ЙТҲ содир бўлган йўлга шовқин чиқарувчи термопласт йўл чизиқлари чизилди

Фарғонада узоқ масофага ҳаракатланаётган ёки ўзида чарчоқ бўла туриб автомобиль бошқараётган ҳайдовчининг бошқарув вақтида ухлаб қолишининг олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларни ҳушёрликка чақирувчи, шовқин чиқарувчи термопласт йўл чизиқлари чизилмоқда. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Қайд этилишича, Ўзбекистон туманидаги 4К-895 Ўқчи—Яйпан—Шимбек автомобиль йўлининг Худоёрхон қишлоғи ҳудудига ана шундай йўл чизиқлари чизилди. Бунга сабаб ўтган 7 ой давомида ушбу туманда 25 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Шундан 18 та ҳолат инсон ўлими билан якунланган бўлса, 9 та ҳолат фуқароларнинг турли даражадаги тан жароҳати олишига олиб келган.

Шунингдек, ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида туманнинг Даштхасан қишлоғи ҳудудига йўл-транспорт онлайн тартибда ишловчи фоторадар қурилмалари ўрнатилди.

Аввалроқ Фарғонада маст ҳолатда бўлган вояга етмаган шахслар «Lacetti»ни олиб қочиб, ЙТҲга учрагани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Фарғонада «Lacetti» ҳайдовчиси пиёдани уриб юборгани, фуқаро воқеа жойида вафот этгани маълум қилинганди.

Янгиликлар