Қўштепада хонадонида 14 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётган фуқаро аниқланди

Фарғона вилояти Қўштепа туманида хонадонида 14 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Қўштепа туманида 4 август куни тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Шафтолибоғ кўчасида яшовчи Э.Х.нинг уйи кўздан кечирилганда, томорқасида 14 туп каннабис гиёхвандлик  ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги аниқланган. Каннабис далилий ашё тариқасида олинган.

Ҳолат юзасидан Қўштепа тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши кўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Aввалроқ Фарғонада қиймати 26 миллион сўмлик гашиш сотган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди. Кейинчалик Фарғона туманида 7 туп каннабис ўсимлигини парваришлаган фуқарога жиноят иши очилгани маълум қилинган эди.