Самарқандда 2020 йил бошидан буён 405 нафар маҳкум озод қилинди
Самарқандда 2020 йил бошидан буён 405 нафар маҳкум озод қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят ва шаҳар суди ҳамда туман судлари томонидан йил бошидан буён Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан 1582 шахсни жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилиш билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилган. Қайд этилишича, мазкур тақдимномаларнинг 1454 таси қаноатлантирилган. Жумладан,
- 23 шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан;
- 550 шахс озодликни чеклаш жазосини ўташдан;
- 210 шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан;
- 671 шахс ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Бу шахсларнинг 1307 нафарини эркаклар (10 нафари вояга етмаганлар, 453 нафари ёшлар ва 48 нафари 60 ёшдан ошганлар), 147 нафарини аёллар (33 нафари ёшлар ва 10 нафари 60 ёшдан ошганлар) ташкил этади.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан, 265 шахсга нисбатан жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳақидаги тақдимномалар қаноатлантирилган ва енгилроқ жазо турларига алмаштирилган.
Хабар берилишича, ўтган давр мобайнида 405 нафар шахс қамоқдан озод қилинган. Aдашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиниши мумкин бўлган 160 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизлар қамоқдан озод қилиниб, ўз оилалари бағрига қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пастдарғомда 18 нафар маҳкум муддатидан аввал озод қилинган эди.
Кейинчалик Самарқандда яна 15 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилингани маълум қилинганди.