Учкўприкда юк машинаси велосипедчини уриб юборди. Велосипед ҳайдовчиси шифохонада вафот этди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида «Isuzu» юк машинаси велосипедни уриб юбориши оқибатида велосипедчи шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 13 сентябрь, якшанба куни соат 01:45 ларда Учкўприк тумани «Меҳнатобод» МФЙ ҳудудидан ўтган A-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 335-километрида 1993 йилда туғилган Х.Т. «Isuzu» русумли юк машинасини бошқариб кетаётиб, ўзи билан бир йўналишда, олдинда велосипедда ҳаракатланиб кетаётган 1983 йилда туғилган Х.Т.ни уриб юборган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Оқибатда велосипедчи 37 ёшли Х.Т. оғир тан жароҳатлари олган ва шифохонада вафот этган.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Учкўприк тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Риштонда «Damas» велосипедчини уриб юбориши оқибатида велосипед ҳайдовчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қувада «Matiz» велосипедни уриб юбориши оқибатида велосипедчи вафот этгани маълум қилинди.

Янгиликлар