Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги йилига 3,5 млн долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонага борди
Шавкат Мирзиёев «Сардоба Оқсарой текстиль» корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар беди.
Малум қилинишича, «Oqsaroy klaster» масъулияти чекланган жамият таркибидаги мазкур корхона йилига 3,5 миллион долларлик тайёр мато ва кийимлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларни 100 фоиз экспорт қилиш мўлжалланган. Туркиядан замонавий тикув машиналари ва энергиятежамкор совутиш тизими келтириб ўрнатилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида 500 та иш ўрни яратилган.
«Фожиа юз берган кунлари баъзи одамларда эртанги кунга ишонч йўқолиб қолган эди. Бугун сизларнинг кўзингизда ишонч учқунларини кўриб турганимдан хурсандман. Аёллар ишласа, кайфияти яхши бўлади. Аёлнинг кайфияти яхши бўлса, фарзандларининг кайфияти, тарбияси яхши бўлади, оилада, жамиятда муҳит ўзгаради. Шунинг учун хотин-қизларга иш ўринларини кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев бу ерда фаолият бошлаган хотин-қизларни янги уй ва иш жойлари билан табриклади. Шу ерда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, енгил саноатда қўшимча қиймат занжирини яратиш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига бориб, Мирзаобод туманидаги «Ҳақиқат» маҳалласига ташриф буюрди. Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги «Янги Тошкент»ни бориб кўрди.