Президент Хоразмда 100 та кўп қаватли уй қуриш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев Хоразмда 2 минг хонадонли 100 та кўп қаватли уй қуриш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Хоразм вилояти фаоллари билан ўтган йиғилишда ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. 2021 йили вилоят бўйича 2 минг хонадонли 100 та кўп қаватли уй-жой барпо этиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича топшириқлар берилган.

Шунингдек, таълим, тиббиёт, маданият соҳаларини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар белгиланган. Президент йиғилишда хоразмлик ёшлар билан алоҳида суҳбатлашган. Ҳар бирини эшитиб, таклифлари бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.

«Қийин даврда, мураккаб шароитда яшаяпмиз. Ана шу шароитда ҳар бир туман, ҳар бир маҳалланинг ўз ўрни, марралари бор. Хоразмнинг марраси баланд бўлиши керак», — дейди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз Шавкат Мирзиёев ЕОИИ саммитида иштирок этади. Шунингдек, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига жўнаб кетгани ҳақида маълум қилинган эди. Кейинчалик Шавкат Мирзиёев раҳбарларни тизимли ишлашга чақиргани ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Президент Хоразм ва Қорақалпоғистонни боғлаш учун 413 метрлик кўприк қуриш учун топшириқ берган.

Янгиликлар