Фарғона 2020 йилда хорижга 15 минг тоннадан ортиқ узум экспорт қилди

Ўзбекистонда 2020 йилда жами 51 минг тонна узум хорижга экспорт қилинган бўлиб, бунинг энг кўп улуши Фарғона вилоятига тўғри келди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 1 cентябрь ҳолатига кўра, қиймати 46,8 миллион долларга тенг бўлган 51 минг тоннадан зиёд узум маҳсулоти хорижга экспорт қилинган. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 10,4 минг тоннага ошган.

Маълум қилинишича, экспорт қилинган узум маҳсулотининг энг кўп улуши Фарғона (15,3 минг тонна), Тошкент (9,6 минг тонна), Наманган (7,2 минг тонна), Хоразм (3,6 минг тонна) ва Қашқадарё (3,1 минг тонна) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон энг кўп (22,8 минг тонна) Қозоғистонга экспорт қилган. Шунингдек, Россияга 20,6 минг тонна ва Қирғизистонга 7,1 минг тонна узум экспорт қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 8 ой давомида 62 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилингани ҳамда Фарғонада сўнгги 7 ойда 16,7 минг тонна шафтоли экспорт қилингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар