Фарғонада сўнгги 7 ойда 16,7 минг тонна шафтоли экспорт қилинди

Фарғона вилоятида сўнгги 7 ойда 16,7 минг тонна шафтоли экспорт қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 1 август ҳолатига кўра Ўзбекистон қиймати 36,3 миллион доллар бўлган 47,7 минг тонна шафтоли мевасини 9 та хорижий давлатга экспорт қилди. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 22 минг тоннага кўп.

Қайд этилишича, экспорт қилинган жами шафтолининг 34,9 фоизи, яъни 16,7 минг тоннаси Фарғона вилоятига тўғри келган. Бу борада Наманган 8,2 минг тонна, Тошкент 7,5 минг тонна ва Хоразм вилояти 5,5 минг тонна маҳсулот экспорти билан кейинги ўринларни эгаллаган.

Маълумот ўрнида, Россияга 22,1 минг тонна ва Қозоғистонга 20,6 минг тонна шафтоли меваси экспорт қилинган.

Aввалроқ, Самарқандда 7 ой давомида қарийб 12 миллион долларлик гилам маҳсулотлари экспорт қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, БAA, Россия, Хитой, Индонезия ва Европа давлатларига Наманганда етиштирилган 4,3 миллиард долларлик қовун экспорт қилиниши маълум қилинди.