БАА, Россия, Хитой, Индонезия ва Европа давлатларига Наманганда етиштирилган 4,3 млрд долларлик қовун экспорт қилинади
Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида 2020—2021 йилларда Мингбулоқ туманида умумий қиймати 552 миллиард сўмга тенг 129 та лойиҳа амалга оширилиши ва 2200 дан ортиқ иш ўрни яратилиши белгиланган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятда «Мингбулоқ экспорт агро томорқа хизмати» томонидан Қолгандарё массивида 100 гектар майдонда қовун етиштириш, уларни сублимация усулида қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳада 200 дан ортиқ иш ўрни яратилиши, тайёрланган маҳсулот эса Европа давлатлари, БАА, Россия, Хитой ва Индонезияга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Экспорт ҳажми эса 4,3 миллиард долларни ташкил этиши мумкин.
Тумандаги «Мадяровул» маҳалласида тадбиркор С.Олимжонов томонидан сиғими 500 тоннали музлатгич омбор ва савдо мажмуаси барпо этилмоқда. Тадбиркорнинг уч миллиард сўм сармояси билан қурилаётган мажмуа таркибидаги тикувчилик цехи, савдо ва маиший хизмат шохобчаларида 50 киши иш билан таъминланади.
Шунингдек, «Green House» хусусий корхонаси томонидан 5,8 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиб, 1500 тонна помидор ва 100 тонна қулупнай етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхона ва музлатгич омбори барпо этилади.
Бундан ташқари, «Ҳайитобод» маҳалласида бир гектар майдонда интенсив усулда балиқ етиштириш ва 200 ўринли кемпинг қуриш, «Бирлашган» маҳалласида бир йилда 10 мингта автомобилга полировка ва детейлинг хизмати кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилади.
Аввалроқ Қашқадарёнинг сариқ тарвузлари илк бор экспорт қилингани ҳақида хабар берилганди.