Булунғурда уйи атрофидаги ўсимлик қолдиқларини ёққан эркак жаримага тортилди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида ахлат ёққан фуқаро жаримага тортилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Булунғур туман инспекцияси томонидан 14 октябрь куни туман ҳудудида рейд кузатувлари олиб борилган. Тадбир давомида Булунғур туман «Олмазор» маҳалласи ҳудудида яшовчи фуқаро Н.Б. уйининг атрофидаги турли ўсимлик қолдиқларини ёққани аниқланган. Бу орқали фуқаро «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддаси, «Атмосфера хавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддаси талабларини бузган.

Ҳолат юзасидан баённома тузилиб, фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) 3-қисми билан маъмурий жарима жазоси қўлланилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда табиатга зарар етказганлик ҳақида хабар берган шахсларга пул мукофоти берилиши, Бухорода таъқиқланган ҳудудда қуён овлаган браконьерлар қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар