Бухорода тақиқланган ҳудудда қуён овлаган браконьерлар қўлга олинди
Бухоро вилоятида қўлда ясалган кучли ёритувчи чироқ ёрдамида ов қилган браконьерлар қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси берган маълумотларга таяниб, «Дарё» хабар берди.
Хабарда айтилишича, 2020 йил 21 сентябрда тунги соат 02:20 да Бухоро туманидаги «Жайрон питомниги» ҳудудида 26 ёшли фуқаро Р.Б. ҳамда 65 ёшли Ж.С. қўлбола ёритиш чироғи ёрдамида яширин равишда ов қилган. Улар ов қилиш тақиқланган ҳамда давлат томонидан муҳофаза қилинадиган ҳудуддан 5 дона қуён овлаб, шахсий автомашинасида ҳаракатланиб кетаётганда тунги рейдга чиққан бошқарма инспекторлари томонидан тўхтатилган.
«Экологик назорат инспекцияси инспекторларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида браконьерларнинг автомашинасида 2 дона ов қуроли, 1 дона қўлда ясалган кучли ёритиш чироғи ҳамда 5 та қуён борлиги аниқланган. Барчаси ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб, олиб қўйилган», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан тақиқланган ҳудудда ов қилган браконьерларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисмига (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) мувофиқ баённома расмийлаштирилган.
Мавзуга доир: Бухорода Қизил китобга киритилган балиқларни овлаб, табиатга 32 млн сўмдан ортиқ зарар етказган фуқаро қўлга тушди
Аввалроқ Андижонда ҳавони ифлослантирган фуқароларга жарима белгилангани ҳамда Самарқандда топиб олинган Халқаро Қизил китобга киритилган бургут табиат қўйнига қўйиб юборилгани ҳақида хабар берилганди.