Бухорода Қизил китобга киритилган балиқларни овлаб, табиатга 32 млн сўмдан ортиқ зарар етказган фуқаро қўлга тушди
Бухорода Қизил китобга киритилган балиқларни ноқонуний овлаган фуқаро табиатга 32 миллион сўмдан ортиқ зарар етказгани маълум бўлди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Экологик назорат инспекцияси ходимлари томонидан 2020 йилнинг 23 август куни ўтказилган тезкор рейд тадбирлари давомида Пешку туманидаги «Қорақир» табиий сув ҳавзасининг 2-контурида фуқаро Т.Б. томонидан ноқонуний балиқ овлаётганлиги аниқланган ва инспекция ходимлари томонидан тўхтатилган.
Суриштирув давомида ноқонуний балиқ овлаган фуқаро ўзини Қоракўл туманида яшовчи Т.Б. деб таништириб, фуқаро Т.Б.дан ашёвий далил сифатида 54 дона лаққа, 23 дона зоғора ва 2 дона Қизил китобга киритилган Туркистон мўйловдори, жами 79 дона балиқ мусодара қилиниб, вақтинча сақлаш учун «Бухоро гўшт сут савдо» МЧЖнинг музлатгичига топширилган.
Шу билан бирга фуқародан 1 дона резина қайиқ, 2 дона аккумулятор батареяси, 1 дона қўл бола кучли ёритувчи чироқ тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
«Фуқаро ушбу ҳаракати билан табиатга жами 32 335 000 сўм зарар етказганлиги аниқланиб, унинг мазкур ҳаракатида жиноят аломатлари борлиги сабабли ҳозирда йиғилган иш ҳужжатларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юбориш мақсадида тегишли тартибда расмийлаштирилмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ Андижонда ҳавони ифлослантирган фуқароларга жарима белгилангани ҳамда Самарқандда топиб олинган Халқаро Қизил китобга киритилган бургут табиат қўйнига қўйиб юборилгани ҳақида хабар берилганди.