Андижонда ҳавони ифлослантирган фуқароларга жарима белгиланди (фото)
Андижон вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси назорати бўйича туман инспекциялари томонидан 20—21 август кунлари бир қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Балиқчи туман инспекцияси томонидан туман ҳудудларида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва туманнинг санитар ҳолатини яхшилаш мақсадида тунги рейдлар ташкил этилган. Хусусан, 20 август куни ўтказилган тунги рейд давомида 2 та ҳудудда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 2 нафар фуқорога нисбатан маъмурий жазо чоралари кўрилган.
Шунингдек, Хўжаобод ва Қўрғонтепа туман инспекциялари томонидан 21 август куни ўтказилган назорат тадбирлари давомида фуқоролар томонидан атмосфера ҳавосига салбий таъсир этувчи ҳаракатлар содир этаётганлиги аниқланган ва ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси билан маъмурий жарима қўлланилган.
Бундан ташқари, Олтинкўл туман инспекцияси томонидан туман МФЙларида очиқ сув ҳавзаларини ҳар хил турдаги чиқиндиларни ташламаслик тўғрисида фуқароларга огоҳлантиришлар берилган.
Аввалроқ Оқдарёда умумий овқатланиш шохобчасида чиқиндихона ташкил қилганлар, Нурободда маҳалланинг белгиланмаган ҳудудидан тупроқ қазиб, юк машиналарига юклаб бераётган фуқаролар ҳамда Олтинкўлда Қорадарё ўзанидан ноқонуний қум-шағал қазиб олаётган фуқаро 6,5 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.
Кейинчалик Тойлоқда чиқинди ташлаб, атроф-муҳитни ифлослантирган фуқарога ва Бухорода машинасида 3 куб саксовул олиб кетаётган шахсга жарима тайинлангани ҳақида хабар берилганди.