Оқдарёда умумий овқатланиш шохобчасида чиқиндихона ташкил қилинганлар жаримага тортилди

Самарқанд вилоят Оқдарё туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекцияси ходимлари томонидан туманнинг «Пўлатдархон» маҳалласида кузатув рейд тадбири ўтказилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси хабар берди.

Фото: Давлат экология қўмитаси

Маълумотларга кўра, маҳалладаги умумий овқатланиш шохобчасига қарашли ер майдонда ноқонуний чиқиндихона ташкил қилинганлиги аниқланди. Мазкур жой умумий овқатланиш шохобчасининг орқа эшигига туташ ерда жойлашган бўлиб, кундалик турмушда ҳосил бўлган қаттиқ ва маиший чиқиндиларни ташлаганлиги натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланиши, бадбўй ҳид тарқалишига сабаб бўлаётганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси (Саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жавобгарлик учун маъмурий жарималар қўлланилди.

Шунингдек, бундай ҳолат қайта такрорламаслиги лозимлиги хусусида огоҳлантирилиб, атрофда тозалаш ишлари ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ов қилиш бўйича эълон плакатларини чиқарган эди. Шунингдек, аҳоли мурожаатидан сўнг Aсакадаги чиқинди тўпланиб қолган ҳудуд тозаланганди.

Шунингдек, Самарқандда карантин ҳудудларидаги чиқинди қандай зарарсизлантирилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар