Бухорода машинасида 3 куб саксовул олиб кетаётган шахсга жарима тайинланди

Бухоро вилоятида машинасида саксовул олиб кетаётган шахс жаримага тортилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Экоинспекция бўлими мутахассислари, Шофиркон туман инспекцияси давлат инспекторлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан 17 август, душанба куни Шофиркон туман «Тўртқудуқ» чўл массивида ўтказилган рейд тадбири натижасида «Ford» транзит русумли давлат рақами белгиси 80 U 869 LA бўлган автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада машинада 1,5 мметрлик 3 куб саксовул ўсимлиги синдириб олиб келинаётганлиги аниқланган. Автомашина ҳайдовчиси Шофиркон туман Денов аҳоли пунктида яшовчи фуқаро С.Р. эканлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан фуқаро С.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан жарима тайинланган.

Аввалроқ Бухорода қумни ноқонуний қазиб олаётган фуқарога 3 миллион сўмдан ортиқ жарима тайинлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар