Жиззахда блогер Сирожиддин Адиловга ҳукм ўқилди

Суд Сирожиддин Одиловни товламачилик ва фирибгарликда айбдор деб топди

Мирзачўл тумани жиноят ишлари бўйича суди «Sirojiddin Media» раҳбари Сирожиддин Одиловни тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Жиззах вилояти судлари маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 2026-йил 5-октабрдаги ҳукмига кўра, фуқаро Адилов Сирожиддин Сайфиддинович 1 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ва 2 нафар фуқарога нисбатан 168-моддаси 3-қисми «б,в» бандлари (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда такроран фирибгарлик) билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд муҳокамаси давомида, С. Адиловнинг Д. Шамсиевнинг 12 млн сўм пулини товламачилик, Г. Жуманиёзованинг  30 млн сўм, Р. Худойназарованинг 33 млн сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги тўлиқ исботланган ва С. Адилов томонидан жами 75 млн сўм етказилган зарар қопланган.

Таъкидланишича, мазкур жиноят иши юритуви давомида С. Адиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти юзасидан бирон-бир айблов қўйилмаган. С. Адиловнинг ҳаракатлари юзасидан айблов у томонидан бошқа фуқароларнинг мулки фирибгарлик ва товламачилик йўли билан қўлга киритилганлиги билан боғлиқ.

Ўзбекистон