Олтинкўлда Қорадарё ўзанидан ноқонуний қум-шағал қазиб олаётган фуқаро 6,5 млн сўмдан ортиқ жаримага тортилди

Андижон вилояти Олтинкўл туманида 2020 йил 10 август куни Қорадарё ўзанидан кенг тарқалган қум-шағалларни шахсий эксковатор ёрдамида транспорт воситаларига юклаётган фуқаро жаримага тортилди. Бу ҳақда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Андижон вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Олтинкўл тумани инспекцияси инспекторлари томонидан 2020 йилнинг 10 август куни тезкор назорат тадбири ўтказилди. Рейд давомида Олтинкўл тумани худудидан оқиб ўтувчи Қорадарё ўзанидан кенг тарқалган фойдали қазилма бойликлари (қум-шағал)ни шахсий эксковатор ёрдамида транспорт воситаларига юклаётган фуқарога чора кўрилган.

Таъкидланишича, фуқаро О.О.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари — 6 690 000 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган. Қазишда фойдаланилган техника воситалари дарё ўзанидан чиқариб юборилган ва кенг тарқалган фойдали қазилма бойликларидан ноқонуний фойдаланишининг олди олинган.

Аввалроқ Нурободда маҳалланинг белгиланмаган ҳудудидан тупроқ қазиб, юк машиналарига юклаб бераётган фуқаролар жаримага тортилгани, Навоийда олтин конидан 230 миллион сўм қийматдаги тошларни қазиб олаётган шахслар ушлангани ва Бухорода муҳофаза зонасидан қум қазиб олган шахс 2 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар