Наманганнинг 3 та ҳудуди 15 октябрь куни ичимлик суви таъминотидан узилади

Наманган шаҳри, Наманган тумани ва Уйчи туманининг айрим жойларида 15 октябрь куни ичимлик суви таъминотида узилиш бўлади. Бу ҳақда «Наманган сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан 2020/2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида  «Жийдакапа» сув узатиш иншоотини электр энергияси билан таъминлайдиган 110 кВли «Тошбулоқ» хаво электр узатиш тармоғида 15 октябрь куни таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шу муносабат билан «Жийдакапа» иншоотидан сув узатиш вақтинчалик тўхтатилади.

Шунга кўра 15 октябрь, пайшанба куни Наманган шаҳрининг Бобуршоҳ, Марғилон кўчалари, «Зарбдор», «Янги ҳаёт», «Янги қурилиш», «Янги замин», «Янги аср», «Баркамол авлод» маҳаллалари, Лола жаҳон бозори худуди, Уйчи кўчасидаги кўп қаватли уйлар, Марказий шифохона, 4-оила поликлиникаси, Агротадбиркорлик коллежи ҳудуди, Вилоят силга қарши кураш диспансери, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси  ҳудудларида, шунингдек, Наманган туманининг «Қурама», «Эшобод», «Қўрғонча», «Қорасув», «Неъматжон», «Ғалча», «Қўқонқишлоқ», «Хонобод», «Ирводон» 1-2-3 махалларида, Уйчи туманининг Жийдакапа, Машад, Ўнҳаят, Обжувоз қишлоқларида ичимлик суви таъминотида чекловлар бўлиши маълум қилинган.

«Наманган сув таъминоти» МЧЖ истеъмолчилардан эҳтиёжлари учун имкон қадар кўпроқ сув заҳирасини яратиб туришларини сўраган.

Аввалроқ Пахтачи туманининг айрим ҳудудларида ичимлик суви таъминоти 1 ҳафтага тўхтатилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида ўтган 8 ой давомида 1,5 миллион метр куб ичимлик сув ишлаб чиқарилгани ва Наманганнинг айрим ҳудудларида 5 октябрь куни сув таъминоти вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар