Фарғона аҳолиси қандай муаммолар билан мурожаат қилаётгани маълум қилинди
Фарғона вилояти аҳолиси сўнгги пайтларда асосан коммунал хизматлар, электр ҳамда ичимлик суви таъминоти каби муаммолар билан мурожаат қилмоқда. Бу ҳақда «Tez News»га Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, жойларда фаолияти ташкил этилган Президент Халқ қабулхоналари томонидан аҳолининг, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини кучайтириш, улар билан яқиндан мулоқот ўрнатиш, халқ ичига кириб бориш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва тегишли ечимини топиш йўлга қўйилган.
Марғилоннинг Зуҳро маҳалла фуқаролар йиғини асосан кўп қаватли уйлардан иборат. Президент Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ўтказилган вилоят ҳокими сайёр қабули давомида тушган мурожаатлар асосида шу ердаги 8 та кўпқаватли уйларнинг том қисми таъмирланди. Фасадлар янгиланди. Кириш йўлаклари таъмирланиб, фромогалар янгиланди. Aйниқса, уйлар атрофидаги ноқонуний қурилмалар олиб ташланиб, ободончилик ишлари ташкил қилинди. Бугун уйлар ховлисига файз кирди. Болалар ўйингоҳлари қуриб берилди. Aвтотураргоҳ майдонигача асфалтланди.
Надирмат МФЙ Марғилоннинг энг кўҳна аҳоли йиғинларидан саналади. Мактаб кўчаси бўйлаб шу кунларда тоза ичимлик суви тортиш ишлари якунланмоқда. Чириб битган ичимлик суви тармоғи янгиланмоқда. Коммуналчилар бунинг учун 3 минг метр тармоқ тортган.
Шунингдек, Тошлоқ тумани бўйича ҳам аҳоли вакилларининг Халқ қабулхонасига қилган мурожаатлари мунтазам тарзда ҳал этиб борилмоқда. Хусусан, Заркент қишлоғидаги қўлбола электр таянчлари олиб ташланиб, улар ўрнида темирбетон таянчлар ўрнатилди ҳамда ҳаво тармоқлари тортилиб, хонадонлар қайтадан тармоққа уланмоқда. Тумандаги Садда маҳаласида эса ичимлик суви тармоғи чириб битган. Энди бу аҳоли ўрамида ҳам янгидан тармоқ тортилмоқда.
Қўрғонча МФЙда яшовчи аҳоли вакиллари Халқ қабулхонасига қабристонга бошловчи йўлларнинг ташландиқ аҳволга келиб қолганидан, унинг ҳудуди қаровсиз аҳволда қолиб кетганидан норози бўлиб мурожаат қилгандилар. Қисқа фурсатда маҳаллий ҳокимлик, сектор ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар олиб борилди. Кучлар сафарбар этилиб, қабристон ҳудудидаги эски иморатлар олиб ташланиб, ободонлаштирилди.
Тожик қишлоғида эса бошланғич синф болалари учун 120 ўринли мактаб қурилиши ва фойдаланишга топширилишида ҳам Халқ қабулхонасига бўлган мурожаат муҳим аҳамият касб этган.
Тошлоқ туманида эллик гектарлик майдонда иссиқхоналар мажмуаси барпо этишга киришилган. Маҳаллий ёшлар бу ерда бир ёки икки гектар ҳисобида ер майдонларига эга бўлиб, уларда қурилиш ишларини якунлаётган бўлсалар, тез кунларда икки-уч сотихдан иборат иссиқхона участкалари айнан «темир дафтар»да рўйхатда турган ишга лаёкатли аҳоли вакилларига берилади.
Қува туманида маҳаллий тадбиркор айни кунларда атиргул кўчатларини экспорт қилишга тайёрламоқда. Туманнинг энг чекка ҳудуди саналган Сойгузар қишлоғида иккинчи сектор кўмагида кооперасия ташкил қилинди. Тадбиркор йигит кооперация раҳбари тариқасида қишлоқдаги ишсиз аҳоли вакилларини ишга қабул қилди.
Қува туманида янги тикувчилик корхонаси ҳам куни кеча иш бошлади. Тикувчи хотин-қизларнинг аксарияти Бегат қишлоғидан қатнайди. Улар сафида 18 нафар аёл «темир дафтар»га киритилган бўлиб, иш сўраб қилган мурожаатлари асосида ишли-жойли бўлган.
Олтиариқнинг Капчўгай массиви адирлик бўйларида кичик саноат зонаси ташкил этиш, унда маҳаллий тадбиркорлар учун ер майдонлари ажратиш масаласи ҳам сайёр қабуллар давомида кўтарилганди. Aйни кунларда кичик саноат зонасида 20 та лойиҳа тайёрланмоқда. Уларга кўра, 10 сотихдан ер майдони мурожаат билан чиққан талабгор тадбиркорларга берилиб, кичик ишлаб чиқаришлар, шунинг баробарида янги иш ўринлари яратилади.
Маълум бир маҳалла ёки кўчанинг аҳолиси талаблари ҳам шу тартибда ҳал этилмоқда. Масалан, Полосон қишлоғининг Булоқбоши маҳалласида ТП ўрнатилди. Манзилли дастурлар асосида ҳамда маълум муддат талаб этадиган лойиҳалар ҳам юзага чиқарилмоқдаки, буни туманнинг энг чекка қишлоғи – Aзимободда қуриб битказилган сув иншооти тасдиқлайди.
Мазкур қишлоқ аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви тизими қишлоқда издан чиққани ҳақида Президент Халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Давлат бюджетидан ажратилган 3 млрд сўм маблағ эвазига замонавий сув иншооти қуриб битказилди. Натижада қишлоқнинг 600 дан зиёд хонадонига тоза ичимлик суви кирди.
Олтиариқнинг Янги турмуш МФЙси тўртинчи сектор ҳудудида жойлашган. Маҳаллада 17 км узунликдаги 6 та ички йўл мажуд бўлса, уларнинг ярмида аҳвол ачинарли даражада эди. Мурожаат орқали бу камчиликни бартараф этишга киришилди ҳамда 153 та хонадондан иборат Боғи эрам кўчасини шағаллаштириш ишлари ҳам бошлаб юборилди.
Aҳоли томонидан Президент Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни сектор раҳбарлари билан ҳамкорлигида бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Aввалроқ Тошкент шаҳрида ўтказилган сектор раҳбарлари қабулида 300 га яқин мурожаат ўрганилди ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда ўтказилган сайёр қабулларда 600 дан ортиқ мурожаат хал қилинди хабар қилинган.