Юнусободда ички ишлар ходимлари ва сотувчилар ўртасида жанжал юзага келди — видео

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 13 декабрь, якшанба куни ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида можаро келиб чиққани акс этган видео тарқалди. Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, шу куни соат 15:00 да Юнусобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими 5-сон ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари — подполковник Ш. Aлимкулов ва капитан Д. Мажидовлар «Универсам» савдо комплекси яқинидаги ер ости йўлагида ноқонуний савдо билан шуғулланувчи ва бу билан бошқа фуқаролар учун ноқулайликлар туғдирувчи шахсларга нисбатан чора кўриш ҳақидаги кўплаб мурожаатлардан сўнг воқеа жойига етиб келган.

Инспекторлар ер ости йўлагида савдо молларини териб қўйган аёл, эркак ва йигитни кўрган. Мазкур шахслар ноқонуний савдони тўхтатиб, савдо молларини йиғиштириш ва йўлакни фуқаролар учун бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантиришларга рад жавобини берган. Савдо қоидаларини бузиш учун қонун билан белгиланган жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантиришларга аёл ва эркак қўпол тарзда жавоб бериб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини айтган.

Бундан ташқари, улар жанжал кўтариб, атрофдагиларнинг эътиборини тортган, уларнинг ўғли эса хизмат бурчларини адо этаётган ички ишлар органлари ходимлари била муштлашмоқчи бўлган. Воқеа жойига патрул-пост хизмати ходимлари етиб келганда ҳам йигит ҳуқуқбузарликни бас қилмасдан, ходимнинг юзидан урган. Шу сабабли ходимлар йигитнинг қўлларига кишан солиб, уч нафар тартиббузарнинг шахсини аниқлаш ва кейинги суриштирувлар учун 5-сон ИИБга олиб кетган.

Ер ости йўлагида ноқонуний савдо қилувчи шахслар томонидан келиб чиққан тартиббузарлик ва ноқулайликлардан норози бўлган ўндан ошиқ ҳодиса гувоҳлари кўрсатма бериш мақсадида ички ишлар бўлимига ихтиёрий равишда етиб келган. Ҳуқуқбузарлар — навоийлик 43 ёшли A.Т. ва 42 ёшли Х.Т.лар ва уларнинг ўғли 19 ёшли A.Х. эканлиги аниқланган.

«Шунингдек, маълум қиламизки, интернет тармоғида тарқаган видеода ички ишлар органлари ходимларининг жамоат тартибини бузишни бас қилиш ҳақидаги талабларига бўйсинмасдан фаол қаршилик кўрсатган Aбдураҳим Хидировнинг қўлга олиниши тасвирга тушган. Ерда ётган аёл — 42 ёшли Х.Т. савдо моллари сумкасининг устига ётиб, ходимлар уни ички ишлар бўлимига олиб кетишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлган. Ҳодиса юзасидан тергов олди текшируви ўтказилмоқда», дейилади хабарда.

Aввалроқ Яшнободдаги мактаб-интернатда 3-синф қиз тарбиячиси томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда 2 нафар эркак ҳомиладор аёлни уйида қийнаб, 500 доллар пулни ўғирлагани хабар қилинган.

Янгиликлар