Наманганда мева-сабзавотларни Италия технологияси асосида қайта ишлаш корхонаси ишга тушади

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Янгиқўрғон тумани «Бунёдкор» кичик саноат зонасидаги  «VALLEY FRUITS» корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарда маълум қилинишича, лойиҳа қиймати 4 миллиард сўмни ташкил этадиган корхона Италия технологияси асосида хурмо, қулупнай, ўрик, олма, шафтоли, анжир, нок меваларини қуритиб, қайта ишлашга ихтисослашган. Сентябрдан тўлиқ қувватда иш бошлагач, 50 кишининг бандлиги таъминланади.

Корхонада табиий хусусиятлари сақлаб қолинган мева-сабзавот маҳсулотлари турли ўлчамларда қадоқланади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш ва қадоқлаш бўйича янги қувватларни ишга тушириш фаолиятини янада ривожлантириш ва бу йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириш доимий диққат марказимизда бўлади», — дейди  Хайрулло Бозоров.

Тадбиркор Зуҳриддин Ҳошимовнинг билдиришича, экспорт бўйича Россия, Англия ишбилармонлари билан дастлабки шартномалар имзоланишига ҳам эришилган. Эндиликда 0,5 гектар майдонда 2,500 тонналик совутгич омбори қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидланишича, вилоят раҳбари лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлаб, корхонанинг мева етиштиришда кластер усулига ўтиши айни муддао эканлигига урғу қаратиб, тадбиркорга зарур бўлган ер майдонни ажратиш масаласида мутасаддиларга тезкор кўрсатма берди.

Шунингдек, кичик саноат зонасида 6 гектар майдонда ташкил этилган умумий қиймати 28 миллиард 400 миллион сўмлик 10 та истиқболли лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтган. Лойиҳаларнинг ўз вақтида ишга туширилиши натижасида 150 та иш ўрни вужудга келиши маълум қилинган.

Аввалроқ Самарқандда 1000 гектар ерга йилига 2 марта ҳосил берадиган қулупнай нави экилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар