Наманганда россиялик инвестор томонидан қиймати 1 млн долларлик замонавий текстиль корхонаси барпо этилади (фото)

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Норин туманидаги собиқ Қурилиш коллежи ётоқхонаси ўрнида «Mir City» қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион доллар бўлиб, тўлиғича хорижий инвестиция ҳисобланади. Россиялик инвестор бу ерда болалар кийимлари, эркаклар ва аёллар халати, шортик ва футболкалар ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Тайёрланган маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилади ва Россия, МДҲ мамлакатлари ҳамда Европа давлатларидаги истеъмолчиларга юборилади. Йиллик қувват эса 2 миллион долларни ташкил этади.

Хабарда айтилишича, «Mir City» раҳбари Фотима Мирсаидова корхона 2020 йил охиригача фаолиятини бошлашини ва биринчи босқичда 60 киши иш билан таъминланишини маълум қилган. Иккинчи босқичда бу кўрсаткич 150, якунда эса жами 200 ишчи-ходимга етади. Улар, асосан, маҳаллий аҳоли, хусусан, «темир дафтар»га киритилган оилалар вакилларидан иборат бўлиши кўзда тутилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига барпо этилаётган бундай корхоналар чет эллик тадбиркорларнинг мамлакатимиз, хусусан, Наманган вилоятидаги бизнес-муҳитга ишонч билдираётганидан далолат беради. Бу ишончни оқлаш ва улар сармоя киритаётган корхоналарнинг тўла-тўкис ишлаб кетишига кўмаклашиш керак. Шунда уларнинг ортидан бошқа инвесторлар ҳам вилоятга кириб келиши учун  зарур шарт-шароитлар яратган бўламиз», — дейди вилоят ҳокими.

Аввалроқ Наманганда ойига 90 мингта футболка ишлаб чиқарадиган трикотаж цехи очилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар