Олотдаги жанжалда ҳаммани калтаклаган эркакни «Cobalt» атайин уриб юборди. Ҳолат юзасидан текширув ишлари бошланган

Бухоро вилояти ИИБ 5 сентябрь, шанба куни Олотда ҳаммани калтаклаган эркакни «Cobalt» атайин уриб юборгани юзасидан текширув ишлари бошланганини муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда «Хоразмдаги катта жанжал: етмаганига ҳамма билан кетма-кет ‘солишиб’ юрган акани ‘Cobalt’ юборди» сарлваҳали видеолавҳа тарқалган эди. Кейинчалик воқеа Хоразмда эмас, Бухорода бўлгани маълум қилинган.

Бухоро вилояти ИИБнинг маълумотига кўра, 5 сентябрь куни, тахминан, соат 14:30 ларда Олот туман «Асажам» МФЙда яшовчи фуқаро А.М. савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасига борган. Ёнида онаси Д.Ч. ва янгаси Р.Ч. ҳам бўлган. Савдо шохобчаси собиқ турмуш ўртоғи Г.Э. билан биргаликдаги турмуши давомида туман хокимлиги томонидан ажратилган ер майдонига қурилган.

Улар шохобчага борганда собиқ турмуш ўртоғи Г.Э. ва унинг акаси У.Э., отаси К.Э., амакилари И.Э., Г.Э. ҳамда бошқа қариндошлари уларни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. Натижада ҳамма иштирокчилар бир-бирларини уриб, тан жароҳати етказган. Ушбу ҳолат Олот тумани ИИБ томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинган.

Видеотасвирда мазкур ҳодиса вақтида икки нафар ички ишлар органлари ходими жанжаллашаётган фуқароларни ажратаётганлиги ҳолати кўринган. Ушбу ходимларнинг бири туман Ҳуқуқубузарликлар профилактикаси инспектори лейтенант Х.Абдураҳмонов, иккинчиси вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси МТБ инспектори капитан М.Шамсиев бўлганлиги маълум бўлган.

Жанжал вақтида фукаро Г.Э. ва унинг қариндошлари чақирувга асосан ҳодиса жойига етиб келган туман лейтенант Х.Абдураҳмоновнинг қонуний талабларини бажармасдан, собиқ турмуш ўртоғи М.А. билан бир-бирларини ҳақорат қилиб ўзаро жанжаллашиб кетган. Шу вақтда юритувида бўлган ариза юзасидан суриштирув ҳаракатларини ўтказиш учун Олот туманига бораётган Бухоро вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси МТБ инспектори капитан М.Шамсиев йўлдан ўтиб кетаётиб, мазкур жанжални кўриб қолган ва жанжални бартараф қилиш чораларини кўрган.

Шунингдек, ушбу жанжал вақтида фуқаро Г.Э.нинг акаси У.Э. амакиси Ғ.Э.га тегишли бўлган «Cobalt» русумли автомашинанинг олд қисми билан фуқаро М.А.ни қасддан уриб юбориб, унга тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, барча иштирокчилардан ҳамда жанжалнинг гувоҳи бўлган фуқаролардан тушунтириш хатлари олинган.

Ҳолат юзасидан жанжалда иштирок этган барча фуқароларга етказилган тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Ҳозирда Олот тумани ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ прокуратура Андижонда шифокорни калтаклаган ИИБ ходими ишини ўрганишни бошлагани, Наманганда икки эркакни калтаклаган қизга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тўхтатилгани, Фарғона ИИБ ходимининг муомаласи танқидга олинган видео юзасидан муносабат билдирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар