Бухоро шаҳрида ҳовлисида 2 туп каннабис етиштираётган эркак қўлга олинди
Бухоро шаҳрида 12 октябрь куни ҳовлисида 2 туп каннабис етиштираётган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 12 октябрь куни Бухоро шаҳар ҳудудида ўтказилган тезкор маълумотлар асосида Хавзинав кўчасида яшовчи 1957 йилда туғилган A.К.нинг ҳовлиси кўздан кечирилган. Унинг томарқа ерида етиштирилиши тақиқланган ўсимликлар туркумига кирувчи таркибида гиёҳвандлик моддаси (тетрагидроканнабинол) бўлган 2 туп каннабис ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб парваришлаб келаётганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан A.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси (Тақиқланган экинларни етиштириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Когон шаҳрида сопол тувакда каннабис етиштириб келган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.