Наманганда эрга тегмаган қиз 6 ойлик боласини сотаётганда қўлга тушди

Наманган вилояти Чортоқ туманида 23 октябрь куни 21 ёшли турмушга чиқмаган аёл чақалоғини пуллаётган пайтда қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ички ишлар бошқармаси Чортоқ тумани ТЭҚКБ тезкор вакили ва Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ТЭҚКБ ходимлари билан ҳамкорликда олинган тезкор тадбир ўтказган. Унда Чортоқ туманида яшовчи, турмушга чиқмаган, 1999 йилда туғилган аёл 2020 йил 18 май куни дунёга келтирган қиз чақалоғини шу туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган фуқарога 1 900 000 сўмга сотиб юборганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 3 ноябрь куни Жиноат кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Фарғонада бир ёшли фарзандини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани маълум қилинган эди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида одам савдосига қарши курашиш масаласи кўриб чиқилган. Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ахборот ошкор этилмаслиги ҳақидаги қонунни имзолаган.

Янгиликлар