«Мен эшитганман, шаҳарда 40 та 50 талаб квартираларингиз бор». Аҳад Қаюм ижодни тарк этган Жаҳонгир Отажоновни танқид қилди
Актёр ва режиссёр Аҳад Қаюм ижодни тарк этган Жаҳонгир Отажонов ва бошқа санъаткорларни танқид қилди. Бу ҳақда у ўзиниг YouTube каналида видео қолдирди.
Аҳад Қаюм санъатдан шов-шув қилиб ёки биз нотўғри йўлда эканмиз, дея бошқа ҳамкасбларининг рўзғорига, оиласига унинг психологик ҳолатига таъсир қилиб чиқиб кетиш худбинлик эканини таъкидлаган.
«Театрдан бошлаб киногача, бошловчиликдан бошлаб токи дубляжгача фаолият юритаётган ёки санъаткорларимизнинг атрофида бастакорлик қилаётган, созандалик қилаётган минглаб, ўн минглаб, юз минглаб инсонларимиз бор. Шунинг орқасидан оиласини, бола-чақасини боқаётган акаларимиз бор. Мен тўғрисини айтсам, шуларнинг оиласини ўйлаб қолдим. Халқнинг ичида юрганимизда мана бу санъаткор санъатни ташлаб кетибди, тўғри қилибди, деган гапларни кўп эшитяпман. Балки тўғридир, лекин санъат олийгоҳида ўқиганлар нотўғри йўлдан кетяптими? Менимча, бу нарсани шов-шув қилиб, биз нотўғри йўлда эканмиз, деб чиқиб кетиш нотўғри деб ўйлайман. Аввало, дин уламоларимиз, устозларимиз билан маслаҳатлашиш керак. Чунки уларнинг ўзлари маърузаларида айтяптилар: агар сенинг санъатинг, ижодинг тўғри йўлга бошласа, бу нарса нотўғри эмас, деган гапларни эшитяпман. Мен кимдир нотўғри тушунчага бориб қолишидан қўрқаман. Мени Аллоҳ кечирсин, лекин бу нарсани шов-шув қилиб, бошқа ҳамкасбларининг рўзғорига, оиласига унинг психологик ҳолатига таъсир қилиб чиқиб кетиш, фақат ўзини ўйлаш — бу худбинлик деб ўйлайман», — дейди у.
Бундан ташқари, режиссёр ижодни тарк этган Жаҳонгир Отажоновни ҳам танқид қилган.
«Жаҳонгир ака, сизнинг ҳамма нарсангиз бордир, мен эшитганман, шаҳарда 40 та 50 талаб квартираларингиз бор. Уйларингиз бор ёки бошқа бизнесларингиз бор, деб эшитганман. Лекин мен ҳали эшитмадим, 1 хонали уйда тиқилиб яшаётган, 10 йилдаям машина ололмаётган ижодкорларимиз санъатни тарк этганини. Санъатни тарк этаётган акалар, балки сизнинг ҳамма нарсангиз етарлидир. Лекин атрофдаги ҳамкасбларингизни, уларнинг рўзғорини ўйлашингиз керак», — деб қўшимча қилади у.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов 20 ноябрь куни «Ўйнасин» қўшиғига суратга олинган клип премьерасини намойиш этганди. Унда хонанда Жокер образида иштирок этган. Хонанда санъатни тарк этганини маълум қилгач, Instagram саҳифасидан Жокер образида тушган суратлари ва «Ўйнасин» клипини ўчириб ташлаган. Шунингдек, у YouTube каналидаги барча қўшиқларини ўчириб ташлаган. Каналда хонанданинг Али Отажонов билан биргаликда ижро қилинган «Зикр» номли таронаси қолдирилган. Шундан сўнг хонанда Шукуруллоҳ домла билан бирга тушган расмларини эълон қилган.
Aввалроқ «Уммон» гуруҳи хонандаси Шоҳруҳ ҳам санъатни тарк этганини маълум қилганди. Шоҳруҳ Aллоҳ йўлида қўшиқ айтиш ва санъатни тарк этганини таъкидлаган. Маълумот учун, бу ўзбек шоу-бизнеси вакилларининг Aллоҳ йўлида санъатни тарк этиши билан боғлиқ илк ҳолатлар эмас. Бунга қадар актёрлар Фарруҳ Соипов ва Шерзод Бин, хонанда Сардор Раҳимхон ҳам санъатни тарк этганини маълум қилган.