Санъатни тарк этган Жаҳонгир Отажонов Шукуруллоҳ домла билан бирга тушган расмларини эълон қилди

Хонанда Жаҳонгир Отажонов 10 декабрь куни санъатдан кетганини маълум қилганди. У ўзининг Instagram саҳифасига жойлаган видеосида ўзидан ва саҳнадаги чиқишларидан хафа бўлган мухлисларга сиҳат-саломатлик тилаб, узр сўраганди.

Отажонов 14 декабрь куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасига Шукуруллоҳ домла билан Фарғона шаҳрида тушган суратларини жойлади.

Фото: Instagram/@jahongir_atajanovs

«Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, жуда бир бахтли кунларни яшаяпман. Аллоҳ рози бўлсин, бугун Фарғона шаҳрида меҳмон бўлдик, ака-укалар, қолаверса, устоз Шукуруллоҳ домла билан дўстлашдик. Аллоҳ барчамиздан рўзи бўлсин», — дея постга изоҳ қолдирган Жаҳонгир Отажонов.

Фото: Instagram/@jahongir_atajanovs

Фото: Instagram/@jahongir_atajanovs

Фото: Instagram/@jahongir_atajanovs

Маълумот ўрнида, Жаҳонгир Отажонов 1978 йил 29 cентябрда Хоразмда санъаткорлар оиласида туғилган. Амакиси Ортиқ Отажоновдан мусиқа сирларини ўрганган хонанда 1-синфдан пойтахтдаги Глиер номидаги мусиқа мактабига ўқишга борган. Мактабдан сўнг Ўзбекистон Давлат консерваториясини битирган. Хонанданинг 100 га яқин қўшиғи, 25 дан ортиқ мусиқий клиплари ва 3 та албоми бор.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов 20 ноябрь куни «Ўйнасин» қўшиғига суратга олинган клип премьерасини намойиш этганди. Унда хонанда Жокер образида иштирок этган.

Хонанда санъатни тарк этганини маълум қилгач, Instagram саҳифасидан Жокер образида тушган суратлари ва «Ўйнасин» клипини ўчириб ташлаган.

Шунингдек, у YouTube каналидаги барча қўшиқларини ўчириб ташлаган. Каналда хонанданинг Али Отажонов билан биргаликда ижро қилинган «Зикр» номли таронаси қолдирилган.