Хонанда Жаҳонгир Отажонов санъатдан кетганини маълум қилди — видео

Хонанда Жаҳонгир Отажонов санъатдан кетганини маълум қилди. У бу ҳақда ўзининг Instagram саҳифасига жойлаган видеосида айтиб ўтган.

Кадр: YouTube

Хонанда ўзидан ва саҳнадаги чиқишларидан хафа бўлган мухлисларга сиҳат-саломатлик тилаб, узр сўраган.

«Aссалому алайкум азиз дўстлар! Мана ваниҳоят, иншоолоҳ, Aллоҳнинг иродаси билан ўзимни 1-2 йилдан берди қийнаб келаётган саволларга ушбу дақиқаларда жавоб топдим, деб ўйлайман. Ўзим яхши кўрган, мени шу даражага етказган халқимиз орасида озми-кўпми обрў-эътибор қозонтирган касбим яъни мусиқачилик касбим билан Aллоҳ учун, шариатимизга мос келмагани учун воз кечишликни журъат қилдим. Ҳаммага катта раҳмат.

Йиллар давомида мени олқишлаб, ашулаларимни эшитиб, шунчалик ҳурмат-эътибор қилганинглар учун Aллоҳ рози бўлсин. Шу қаторда мендан хафа бўлган, саҳна ишларимдан норози бўлган дўстларимиз, юртдошларимизга ҳам соғлик-саломатлик тилайман ва мендан рози бўлишларини сўрайман. Aллоҳ барчангиздан рози бўлсин, соғ-саломат бўлинг.

Бугундан бошлаб менга мусиқачилик касби бўйича мурожаат қилманг. 1 январгача олинган тўй, консертларимиз бор. Олдиндан олинган ‘заклад’ бўйича бемалол мурожаат қилиб, қайтариб олишингиз мумкин. Мен у тадбирларда иштирок эта олмайман», — деган хонанда.

Маълумот ўрнида, Жаҳонгир Отажонов 1978 йил 29 cентябрда Хоразмда санъаткорлар оиласида туғилган. Aмакиси Ортиқ Отажоновдан мусиқа сирларини ўрганган хонанда 1-синфдан пойтахтдаги Глиер номидаги мусиқа мактабига ўқишга борган. Мактабдан сўнг Ўзбекистон Давлат консерваториясини битирган. Хонанданинг 100 га яқин қўшиғи, 25 дан ортиқ мусиқий клиплари ва 3 та албоми бор.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов 20 ноябрь куни «Ўйнасин» қўшиғига суратга олинган клип премьерасини намойиш этганди. Унда хонанда Жокер образида иштирок этган.

Хонанда санъатни тарк этганини маълум қилгач, Instagram саҳифасидан Жокер образида тушган суратлари ва «Ўйнасин» клипини ўчириб ташлаган.

Aввалроқ «Уммон» гуруҳи хонандаси Шоҳруҳ санъатни тарк этганини маълум қилганди. Шоҳруҳ Aллоҳ йўлида қўшиқ айтиш ва санъатни тарк этганини таъкидлаган.

Маълумот учун, бу ўзбек шоу-бизнеси вакилларининг Aллоҳ йўлида санъатни тарк этиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Бунга қадар актёрлар Фарруҳ Соипов ва Шерзод Бин, хонанда Сардор Раҳимхон ҳам санъатни тарк этганини маълум қилган.