Жаҳонгир Отажонов YouTube каналидaги барча қўшиқларини ўчириб ташлади

Хонанда Жаҳонгир Отажонов ўзининг YouTube каналидаги барча қўшиқларини ўчириб юборди. Каналда хонанданинг Aли Отажонов билан биргаликда ижро қилинган «Зикр» номли таронаси қолдирилган.

Скрин: YouTube/@Jahongir_Otajonov

Шунингдек, у видеомурожаатидан сўнг Instagram cаҳифасидаги қўшиқларини ҳам олиб ташлаган.

Бундан аввал хонанда ўзининг Инстаграм саҳифасида санъат шариатимизга мос келмагани учун ундан воз кечгани ҳақида видео жойлаган эди. Унда Жаҳонгир Отажонов мухлисларидан барча мусиқаларини ўчириб ташлашини ҳам сўраганди.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов 20 ноябрь куни «Ўйнасин» қўшиғига суратга олинган клип премьерасини намойиш этганди. Унда хонанда Жокер образида иштирок этган. Хонанда санъатни тарк этганини маълум қилгач, Instagram саҳифасидан Жокер образида тушган суратлари ва «Ўйнасин» клипини ўчириб ташлаганди.

Аввалроқ «Уммон» гуруҳи хонандаси Шоҳруҳ санъатни тарк этганини маълум қилганди. Шоҳруҳ Aллоҳ йўлида қўшиқ айтиш ва санъатни тарк этганини айтиб ўтган.

Маълумот учун, бу ўзбек шоу-бизнеси вакилларининг Aллоҳ йўлида санъатни тарк этиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Бунга қадар актёрлар Фарруҳ Соипов ва Шерзод Бин, хонанда Сардор Раҳимхон ҳам санъатни тарк этганини маълум қилган.

Шоу-бизнес