«Болаларимиз чет элга кетади, 50 фоизи қайтиб келмайди». Шавкат Мирзиёев Тошкентда Президент университети очилишини айтди

Шавкат Мирзиёев 15 январь куни пойтахт туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва Юнусобод тумани ёшлари билан учрашувда Тошкентда Президент университети очилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, очилиши режалаштирилаётган ушбу университетнинг барча ўқитувчилари чет элдан келтирилади.

«Биз президент университетини қурамиз. Оксфорд таълимини биринчи марта Ўзбекистонда жорий қилмоқчимиз. Британиянинг таълим соҳаси дунёда биринчи ўринда туради. Биз янги президент мактабларини очдик, энди 8000 талабага мўлжалланган янги президент университетини очамиз. Барча домлалари чет элдан бўлади», — деди давлат раҳбари.

Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев талабаларга чет элдаги шароитларни Ўзбекистонда яратиб беришини айтган.

«Бизнинг болаларимиз чет элга кетишади — уларнинг 50 фоизи қайтиб келмайди. «Энг катта ақл» кетаяпти. У ердаги шароит уларга ёқади, ойлик катта. Аммо энди мен шу шароитларни яратиб, уларни ўзимизда ўқитмоқчиман. Кетмасин болаларимиз», — дея таъкидлади Президент.

Маълумот учун, университетнинг очилиш санаси ҳақида хабар берилмаган.

Аввалроқ давлат раҳбари ушбу учрашувда Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсати ҳамда сўз эркинлигига оид масалаларга тўхталиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Президент Сенат учун қурилаётган янги бинони кўздан кечиргани ҳамда Республика нефрология ва буйрак трансплантацияси тиббиёт маркази қурилиш ишлари билан танишгани ҳақида хабар қилинган.