Хоразмда «ГАИ» ва ҳайдовчи ўртасида келиб чиққан жанжал юзасидан маълумот берилди
Хоразмда «ГАИ» ва ҳайдовчи ўртасида келиб чиққан жанжал юзасидан маълумот берилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошбошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, ижтимоий тармоқда «‘ГАИ’ ва ҳайдовчи ўртасида ишкал» сарлавҳаси остида видео тарқалган. Видео лавҳа ўрганилганда, 16 январь куни Хоразм вилояти, Урганч шаҳар, Гурлан кўчасида белгиланган тақсимот асосида хизмат олиб борган вилоят ЙПХ ходимлари томонидан, соат 13:50ларда «Damas» русумли автомобиль тўхтатилгани аниқланган. Ҳайдовчи С.С. эса, ЙПХ ходимига меъёрий ҳужжатларини тақдим қила олмаган. Ходим белгиланган тартибда чора кўришлигини айтиб, транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаш кераклигини маълум қилган вақтда ҳайдовчи эътироз билдирган.
ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7-бандида белгиланган талабларни бузганлиги бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 135-моддаси тартибида баённома расмийлаштирилиб, ушбу Кодекснинг 291-моддасига кўра транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда ГАИ ходими ҳайдовчига «ялинган»и учун ишдан олингани ҳақда хабар берилган эди. Бундан ташқари, Наманганда «Nexia» ҳайдовчиси ЙПХ инспекторини 100 метр масофага судраб боргани хабар қилинган.