Наманганда «Nexia» ҳайдовчиси ЙПХ инспекторини 100 метр масофага судраб борди
Наманган шаҳрида 16 ноябрь куни «Nexia» ҳайдовчиси йўл патруль хизмати катта инспекторини машина капотида 100 метр масофага судраб борди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 16 ноябрь куни соат 11:20 да Наманган шаҳар Aлишер Навоий кўчаси Тунукасоз чорраҳасида ҳайдовчи Ф.Л. бошқарувидаги «Nexia» машинасида Наманган шаҳар ЙПХО 2-сафарбарлик гуруҳи инспектори Ж.Камоловнинг тўхташ ишорасига амал қилмасдан ҳаракатланган.
Ҳайдовчи ҳаракати давомида светофорнинг қизил чироғида бошқа транспорт воситалари ортидан тўхтаган. Ушбу вақтда қоидабузарликка чек қўйиш мақсадида етиб келган ЙПХ катта инспектори A.Раҳмонов ҳайдовчига транспорт воситасини четга олишини сўраган. Ҳайдовчи бўйсунмасликни давом эттириб, ҳаракатни бошлаган ва олдинда турган A.Раҳмонов автомобилнинг олд (капот) қисмига осилиб қолган. 100—120 метр масофадан сўнг ЙПХ ходими ерга тушиб қолиб, ҳайдовчи ҳаракатланишда давом этган.
ЙПХ ходими томонидан Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи номига ҳолат юзасидан ёзилган билдирги асосида ҳайдовчининг шахси ва яшаш манзили аниқланган. Ҳозирда транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилиб, ҳолат бўйича Наманган шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Қўқонда ИИБ ходимини автомашинасида «сайр қилдирган» шахс 1,5 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди.