Тошкент вилоятида ҳайдовчилардан кунлик «улуш» талаб қилган аёллар қўлга олинди
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида 18-йўналиш бўйлаб лицензия асосида йўловчи ташимоқчи бўлган «Damas» ҳайдовчилардан кунлик «улуш» талаб қилган аёллар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 9 ноябрь, душанба куни Тошкент вилояти Зангиота тумани Эшонгузар қишлоғида яшовчи С.Н. ҳамда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Э.Ш.лар ДХХга ариза билан мурожаат қилган. Аризада ўзларининг «Damas» русумли автомашинасида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри бўйлаб қатновчи 18-йўналишда йўловчи ташиш учун лицензия олиб иш бошламоқчи бўлганида, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар Ойдин бекатида номаълум шахслар уларга мазкур йўналишда фаолият олиб боришлари учун кунига 90 минг сўмдан 110 минг сўмгача пул бериб туришлари лозимлигини таъкидлаган. Агар пул берилмаса, уларнинг автомашинасига шикаст етказишлари мумкинлиги, тегишли давлат идоралари томонидан уларга нисбатан чоралар кўрилишини уюштиришини айтилган. Аризачилар ўзларига тазйиқ ўтказган номаълум шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Таъкидланишича, ариза юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Ю.Б., Т.Н., Н.С., И.У. ҳамда А.А.лар олдиндан тил бириктириб, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри ҳудудида қатновчи 18-йўналиш бўйича йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга босим ўтказиб, кунига 90 минг сўмдан 110 минг сўмгача пул талаб қилаётганлари аниқланган. Аниқланишича, улар талабларига бўйсунмаганларга автоуловларига шикаст етказишлари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Транспорт бошқармаси ходимларини жалб қилиб, рейдлар ташкиллаштириб, уларга фаолият билан шуғулланишга йўл қўймасликларини айтиб, қўрқитган.
Хабарга кўра, ДХХ, Транспорт Прокуратураси, Тошкент транспорт прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ходимлари томонидан холислар иштирокида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри Ойдин бекатида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида ариза муаллифи С.Н. ҳамда Э.Ш.дан 1958 йилда туғилган Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар Қўрғон кўчасида яшовчи Т.Н. ва 1993 йилда туғилган Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Хонобод кўчасида яшовчи Н.С. бир кунлик Олмалиқ шаҳри ичидаги 18-йўналиш бўйича йўловчи ташиш учун 120 минг сўм ҳамда 90 минг сўм миқдордаги пулларни олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан 10 ноябрь, сешанба куни Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисм «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот ўрнида, юқоридаги жиноятни содир этган шахслар беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Қувада 18 ёшли фуқарони уриб, унинг 2 миллион сўмлик икки қоп бодоми ва телефонини талон-торож қилган 6 киши ҳамда Андижонда 16 ёшли боланинг «Iphone X»ини тортиб олган 4 киши ушлангани маълум қилинган эди.
Шунингдек, Тошкентда камерунлик фуқаро учун 60 минг доллар гаров пули сўраган жиноий тўда ва Тошкент туманида Миллий гвардия хизмат кийимини кийиб олган босқинчилар қўлга олингани ҳақида хабар қилинган.