Тошкент туманида Миллий гвардия хизмат кийимини кийиб олган босқинчилар қўлга олинди (фото)
Тошкент туманида 31 октябрь, шанба куни 47 ёшли йўловчига нисбатан босқинчилик жиноятини содир этган 3 нафар Миллий гвардия хизмат кийимидаги босқинчилар қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 31 октябрь куни соат 22:00 да 36 ёшли Ж.П. ўзининг жиноий шериклари 36 ёшли A.И. ва 51 ёшли Б.A. билан биргаликда босқинчилик содир этиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар қора рангли мато билан юзини яшириб, эгнига Миллий гвардия ҳарбий кийимини кийиб, резина таёқча ва қўл кишани ҳамда пневматик ўқотар қурол билан қуролланган ҳолда A.И.нинг бошқарувидаги «Matiz» русумли автомашинада Тошкент тумани «Тутзор» маҳалласи Нурмакор кўчасига келган.
Сўнг мазкур кўча бўйлаб «Lacetti»да уйига келаётган 47 ёшли У.Р.нинг йўлини тўсиб, унга ҳаёт ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатган. Қўлларини орқа тарафга қайирган ҳолда кишанлаб, босқинчилик содир этиб, фуқаро У.Р.га тегишли «Lacetti» русумли автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтқазиб, олиб кетмоқчи бўлган вақтида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давомида улардан қўл кишани, резина таёқ, пневматик ўқотар қурол, Миллий гвардия хизмат кийими ва ниқоблар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Шунингдек, ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида «Matiz» салонидан Ж.П. A.И. ва Б.A. томонидан қонунга хилоф равишда қўлга киритилган «01 Р 376 СВ» ва «10 Е 488 LA» давлат рақам белгилари мавжудлиги аниқланиб, ушбу рақамлар тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаролар Ж.П., A.И. ва Б.A.га нисбатан Жиноят кодексининг 227-модаси 1-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 164-моддаси 2-қисми «а, б» банди (Босқинчилик) билан жиноят иши кўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида юқоридаги фуқаролар жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ҳамда уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Aввалроқ Поп туманида қидирувда бўлган эркак Тошкент вилоятида қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бағдод туманида пиёданинг телефонини тортиб олган ҳайдовчи 5 йилга қамалгани хабар қилинган.