Тошкентда камерунлик фуқаро учун 60 минг доллар гаров пули сўраган жиноий тўда қўлга олинди
Тошкент шаҳар Яшнобод туманида камерунлик фуқаро учун 60 минг доллар гаров пули сўраб, унга турли жисмоний жароҳатлар етказган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда «Тошкент» телеканалидаги дастурда маълум қилинди.
Таъкидланишича, Яшнобод туманида Шакуров Рамзес 2019 йилнинг 27 май куни ўз хонадонида жиноий тўдаси билан биргаликда камерунлик Жан Марини ўғирлаб кетиб, тўрт кун давомида тутқунликда гаровда сақлаган. Воқеага камерунлик Марк ва Уилям исмли фуқароларнинг қилмиши сабаб бўлгани айтилмоқда. Улар 2019 йил бошида Ўзбекистонга фирибгарлик йўли билан пул топиш учун келган ва ўзбекистонлик Шакуров Рамзес одамларини чув тушириб, 20 минг долларни олиб кетган.
Бу ҳол Рамзес ва унинг жиноий тўдасининг ғазабини келтиради. Шундан сўнг улар камерунлик Марк ва Уилямни Ўзбекистонга чақириб, даромад топиши мумкинлиги ҳақида айтади. Лекин камерунлик фирибгарлар Ўзбекистонга ўзлари келмасдан Жан Мари исмли шахсни жўнатади.
Жан Марини белгиланган тузоққа бошлаб бориш жиноий тўданинг Ҳошимов Фарҳод, Қодиров Аббос исмли аъзоларига юклатилади. Бу фуқаролар камерунлик Жан Марини шаҳар айлантириш баҳонасида олиб кетади ва Яшнободдаги хонадонга бошлаб келади.
«Ҳовлига кирганимда бу ернинг ҳолатини кўриб қўрқиб кетдим. Кетмоқчи бўлганимда улар мени ичкарига мажбурлаб олиб киришга ҳаракат қилишди. Шунда ичкаридан Темур исмли йигит чиқиб келиб, мени судраб уйга олиб кирди. Оғзимга латта тиқиб, оёқ-қўлимни боғлаб, музлаткич ёнига ётқизиб қўйишди. Бошимни, жағимни деворга уришди. Ҳозир бу жойни оқлаб ташлашибди», — дейди Жан Мари.
Камерунлик Жан Мари тўрт кун давомида тутқунликда, қийноқда сақланган. Бу ҳолни жиноий тўда видеога олиб, Марк ва Уилямга юборган. Уларнинг мақсади 60 минг доллар ишлаш бўлган. Агар айтилган суммани беришмаса, Жан Марини ўлдириб юбориш билан таҳдид қилади.
Тўрт кундан сўнг Камерундан сўралган пулларни жўнатишга рози эканлиги ҳақида хабар келади. Бу хабардан сўнг жиноий тўда аъзолари Жан Марини хонадондан олиб чиқиб, Яшнобод тумани Жарқўрғон кўчасида жойлашган «Геликон» меҳмонхонасига олиб боради, ювинтириб, кийинтиради.
Бу вақт ичида Ташқи ишлар вазирлигига Франция элчихонасидан Жан Марининг ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар келиб тушган. ДХХ томонидан тезкор қидирув ишлари бошланган ва бу жараён якунланмасдан тутқундаги камерунлик фуқаро қочиб кетишга улгурган.
Оқибатда жиноий гуруҳга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, бу жиноий ишга алоқадор бўлган 15 киши қўлга олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 245-моддаси (Шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Шакуров Рамзес ва жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аввалроқ Тошкентда аёлнинг яланғоч рақсга тушган видеоларини тарқатиш билан «шантаж» қилиб, 50 минг доллар талаб қилган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.