Андижонда 16 ёшли боланинг «Iphone X»ини талон-торож қилган 4 киши қўлга олинди
Андижон туманида 16 октябрь куни 16 ёшли болани уриб, унинг телефонини талон-торож қилган 4 киши қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 16 октябрь куни соат тахминан 19:30 да 19 ёшли К.Х., Б.И., Х.М. ва 18 ёшли С.У. ўзаро олдиндан бир гуруҳга бирлашиб, Андижон тумани «Чем» маҳалла ҳудудидан ўтувчи «Андижон-Асака» автомобиль йўлида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчасига борган. Шохобча олдида улар 16 ёшли Б.И.га тегишли бўлган бир дона «Iphone X» телефон аппаратини фойдаланиш мақсадида ундан сўраб олган. Шундан сўнг жиноий тўда Б.И.ни телефонини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, «Matiz» автомашинада ҳодиса жойида қочиб яширинмоқчи бўлишган вақтида Б.И. ва унинг отаси автомашинанинг ортидан етиб олиб, қонунбузарларни ушлашга мувофақ бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан К.Х., Б.И., Х.М. ва С.У.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот ўрнида юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида К.Х., Б.И., Х.М. ва С.У.ларнинг яна бир қатор жиноятга алоқадорлиги аниқланиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга ҳам ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.
Аввалроқ Қўрғонтепада салкам 11 тонна кўмир ўғирлаган 3 нафар эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.