Қўрғонтепада салкам 11 тонна кўмир ўғирлаган 3 нафар эркак қўлга олинди
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида 15 октябрь куни салкам 11 тонна кўмир ўғирлаган 3 нафар эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 октябрь, пайшанба куни соат 19:00 атрофида Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ходимлари томонидан «Савай» бекатида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Қўрғонтепа тумани кўмир омборига аҳоли учун олиб келинган кўмир маҳсулотлари кўздан кечирилган.
Текширув давомида Чустий кўчасида яшовчи 33 ёшли М.И. бошқарувидаги «Камаз» юк автомашинасида Қўрғонтепа тумани «Ибн Сино» МФЙда яшовчи 25 ёшли Х.М. мазкур кўмир омборидан ноқонуний равишда, ўз манфаати йўлида сотиш мақсадида жами 10 740 килограмм кўмир маҳсулотларини талон-торож қилганлиги аниқланган.
Олиб борилган суриштирув давомида маълум бўлишича, М.И. бошқарувидаги «Камаз» юк автомашинасида 15 октябрь куни Қўрғонтепа тумани «Истиқлол» МФЙда яшовчи 25 ёшли Ю.С. кўмир омборидан ўз маҳалласига кўмир маҳсулоти олиш учун ҳужжат расмийлаштириб, қонуний равишда олган. Аммо у юкни белгиланган манзилга олиб бормасдан, «Гулистон» МФЙга жами 10 580 килограмини олиб бориб тўктирганлиги аниқланган.
Ушбу кўмир маҳсулотлари холислар иштирокида келгусида далилий ашё сифатида юк хати орқали туман кўмир омборига тилхат орқали топширилган. Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.
Бундан аввал Попда 650 килограммга яқин кўмир ўғирлаганлар ва Андижон туманида салкам 7 миллион сўм пулни қалбакилаштирганлар қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, Фарғона шаҳрида пойтахтдан уй олиб беришини айтиб, эркакни 20 минг долларга «ухлатган» шахс ҳамда Тўрақўрғонда эшик қулфини бузиб, тилла занжир ўғирлаган 2 киши ушлангани маълум қилинган.