Андижон туманида салкам 7 млн сўм пулни қалбакилаштирганлар қўлга олинди

Андижон вилояти Андижон туманида 9 октябрь куни 6 миллион 900 минг сўм қийматдаги қалбаки пулларни тайёрлаб, келгусида муомалага киритмоқчи бўлганлар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Aндижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда туман Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Андижон туманида яшовчи А.Х ва Х.Б.лар ўзаро тил бириктириб, рангли принтер ёрдамида 100 минг сўм купюрадаги жами 6 миллион 900 минг сўм қийматдаги қалбаки пулларни тайёрлаб, келгусида муомалага киритмоқчи бўлган вақтда ушланган.

Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида А.Х 7 октябрь куни Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаролар Т.М., М.Г ва У.И.ларнинг туман ҳудудида жойлашган савдо дўконларига кириб, қалбаки усулда тайёрланган 100 минг сўмлик купюрадаги пулларни ўтказгани аниқланган.

Жиноят иши бўйича 12 октябрь куни Х.Б ва А.Х.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) 2-қисми «в» ҳамда 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б» бандлари билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Наманганда 33 фуқарони 411 миллион сўмга чув туширган эркакка жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.