Қўқонда салкам 115 млн сўмлик матоларни олиб, пулини бермаган аёл ушланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида салкам 115 миллион сўмлик турли хилдаги матоларни олиб, пулини бермаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда туман ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 16 сентябрь куни М.Д. ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, бу ҳақда маълум қилган. Унинг мурожаатига асосан, февраль ойидан март ойига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унинг ишончига кириб, умумий нархи 114 миллион 259 минг сўмлик ҳар хил турдаги матоларни олиб, пулини олиб келиб беришини айтган. Лекин у берган ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан қўлга киритган матоларини бошқа шахсга сотиб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Маълум қилинишича, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни М.О. исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллонлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани, Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани ҳамда Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар