Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 млн сўмлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 2020 йил 20 июнь куни фуқаронинг 17 миллион сўмдан ортиқ нарҳдаги 71 тўплам темир ҳавозаларини олиб, уларни бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Фото: Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

20 июнь куни вояга етмаган Қ.А. фуқаро Б.А.нинг ишончига кириб, 71 тўплам темир ҳавозаларни  ҳар бир тўплами учун кунига 2000 сўмдан ижара пули беришини айтган. Сўнгра темир ҳавозаларни олиб, берган ваъдасини бажармасдан уларни 17 750 000 сўм эвазига бошқа шахсга сотиб юборган. Пулларни эса ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани, Қўқонда 6,8 млн сўмлик чой маҳсулотларини сотиб олиб, пулини бермаган шахс қамоққа олингани ҳамда Олтиариқда танишидан 41 млн сўмлик узум сотиб олиб, пулини бермаган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар